Коррупцияга қарши курашиши агентлигининг хабар беришича, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасига давлат хизматида совға олиш-бериш, шунингдек, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича ишлаб чиқилган «Совға сиёсати» номли алоҳида боб киритилди. Шунингдек, агентлик директори Акмал Бурҳонов Тошкент шаҳар ҳокимлигига Mercedes-Benz совға қилинишида қонун бузилиши ҳолати бўлмаганини айтди.
Коррупцияга қарши кураш агентлиги Латипова Зиёда Бахромовна томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига совға қилинган — қора рангдаги Mercedes Benz S500 Hybrid автомобили бўйича текширув ўтказади.
Антикоррупция агентлиги коррупциявий жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш таклифи билан чиқди. Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳасига кўра, коррупцияга оид жиноятлар тоифасига 15 турдаги қонунбузарлик киритилмоқда. Шунингдек, порахўрлик учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, шу турдаги жиноятчиларни муддатидан илгари шартли озод қилмаслик ва жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик таклифи билдирилди.
Сўнгги бир ярим йил ичида давлат харидлари соҳасида қонунбузарликка йўл қўйган мансабдорларга нисбатан 21 та жиноий ва 24 та маъмурий иш қўзғатилди. Соҳалар кесимида қонунбузарликларнинг энг кўпи қурилиш ва соғлиқни сақлашга, ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларига тўри келмоқда.
19 ноябрдан кучга кирган қонунга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўрганиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш, ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, ташкилот БМТнинг бошқа давлатларга ёрдам кўрсатадиган органлар қаторига киритилди.
Антикоррупция агентлиги ўрганишлари натижасида Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникасида 9,7 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди. Шундан 586,7 млн сўмлик бюджет маблағлари талон-тарож қилинганлигини айтилмоқда. Шифохонанинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Антикоррупция агентлиги директори Акмал Бухонов Коррупцияга қарши курашиш бўйича ташкил этилган ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис бўлиши борасидаги хабарларга изоҳ берди. «Бу кенгашлар коррупцияга қарши курашувчи орган эмас, коллегиал идора ҳисобланади», — деди у. Унинг сўзларига кўра, агар ҳокимлар маҳаллий кенгаш раислигидан озод қилинса, унда Ҳудудий кенгаш раислари ҳам ўзгаришини қўшимча қилди.
Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши таъсис йиғилиши ўтказилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, маҳаллий давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ва «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш унинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.
2021 йилнинг биринчи ярмида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳуқуқбузарликлари бўйича жиноий ишлар қўзғатилди. Умумий зарар миқдори 592,5 млрд сўмга баҳоланди, ваҳоланки бу кўрсаткич ўтган йил давомида 500 млрд сўмни ташкил этган эди. Энг кўп ҳолатлар — ССВ, ХТВ ва банк секторида.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасалари муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, 14,9 млрд сўмга, яъни 5 млрд 643 миллион сўм қимматроққа дори воситалари харид қилганини аниқлади. «Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов агентлик ўз фаолиятини тўлақонли амалга оширишда дуч келаётган тўсиқлар ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, агентликнинг хатига вақтида жавоб бермаслик ёки коррупцион омил ҳақидаги тақдимномага «бошқача муносабатда» бўлиш ҳолатлари учрайди. «Тақдимномамизга адекват реакция билдирилмаса, жавобгарликка тортиш бўйича таклиф киритганмиз… Лекин айрим идора ва вазирликлар ҳали ҳам агентликни тан олгиси келмайди», — дейди у.
Коррупция ҳолатлари ҳақида Антикоррупция агентлигини хабардор қилиш имконини берувчи махсус сайт ишлаб чиқилди. Фуқаролар мурожаатлари асосида вазирлик, идоралар, вилоят ва туманларнинг статистик рейтинги ҳам тузилади.
Антикоррупция агентлиги Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида давлат харидлари бўйича қонун бузилиши ҳолатларини аниқлади. Қорақалпоғистон Республикасида 63,6 млрд сўмлик давлат харидлари бўйича тендерлар қонунга зид равишда эълон қилинган. Бундан ташқари, қатор ҳудудларда 29,5 млрд сўмлик давлат харидлари бўйича тендерларнинг ғолиби аниқламай туриб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган ёки тугатилган.
Антикоррупция агентлигининг Қашқадарё вилоятида ўтказган ўрганишлари натижасида давлат харидларига оид амалдаги эълонлар бўйича 32 та ҳолатда 10,4 млрд сўмлик иш ва хизматлар ҳали шартномалар тузилмасдан пудратчилар томонидан бошлаб юборилганлиги аниқланди. Эълон муддати ҳали тугамаган баъзи ишлар 100 фоиз бажарилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов даромад ва мол-мулкларни мажбурий декларация қилиш тизими нима учун давлат хизматчилари, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган фарзандларини қамраб олиш билан чекланаётгани, бошқа қариндошлари ҳозирча ҳисобга олинмаётганига изоҳ берди. У тизим нима сабабдан давлат хизматчиларининг харажатларини ҳисобга олмаслиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат харидларига оид эълонлар бўйича ўтказилган мониторингда май-июнь ойларида 101,5 млрд сўм миқдоридаги 324 та танловда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Бюджет буюртмачиларининг 101,5 млрд сўмлик 324 та танловини бекор қилиш ҳақида вазирлик ва идораларга 268 та тақдимнома киритилди.
Президент фармонига кўра, эндиликда Антикоррупция агентлиги очиқликка оид қонунчилик талабларини мунтазам равишда бузаётган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритади. Ҳар йил якунида давлат органларининг Очиқлик индекси эълон қилинади. Шунингдек, давлат сирларини сақлаш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Коррупцияга қарши кураш агентлиги Акмал Бурхонов Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашни 10 баллик тизимда баҳолади. «Қилинган ишларни 10 баллик тизимда баҳолаш керак бўлса, қўрқмасдан 8 балл берган бўлардим», — дейди у.
2020 йилда коррупцион жиноятларнинг асосий сабаблари моддий манфаатдорлик (30%), бюрократик тўсиқларнинг мавждулиги (28%) ва ижтимоий таъминланмаганлик ёки адолатли меҳнат шароити йўқлиги (12%) каби омиллар бўлган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги акционерлари орасида қурилиш вазирининг ўғли ва турмуш ўртоғи ҳам бўлган «12-трест» компанияси қўлга киритган давлат харидларини ўрганмоқда. Агентлик, шунингдек, Жиззах вилояти ҳокимининг қариндошлари билан боғлиқ давлат харидлари бўйича материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг